Геморрой касаллигини олдини олиш
Бизга аввалдан маълум бўлган касалликларга кундан кунга янги даво усуллари ишлаб чиқилмоқда. «Халқимизнинг тиббий онги паст», дейиш осон. Лекин билим аввал берилади, кейин сўралади. Баъзи касалликлар ҳақида гапириш уят ҳисоблангани учун одамлар уларнинг келиб чиқиши, даволаниши ва профилактикаси тўғрисида етарлича маълумотга эга эмас. Шундай касалликлардан бири — бавосил. Касаллик номининг ўзиёқ одамни хушёр торттиради, кимдадир кулги, кимдадир эса ғамгин ҳиссиёт чақиради. Узоқ вақт давомида очиқ операция йўли билан даволаниб келинган бўлса, ҳозир геморройни даволашнинг замонавий, жарроҳлик амалиётидан кейинги ноқулайликлари деярли бўлмаган методлари қўлланилмоқда. «Дарё» колумнисти Сарвар Ғаниев шу касалликка батафсил тўхталиб ўтади.
Фото: Google Photos
Геморрой — тўғри ичак пастки қисмлари ва орқа чиқарув тешиги атрофидаги вена қон томирларининг кенгайиб, шишиш касаллиги. Бавосил билан дунёнинг 331 миллиондан ортиқ аҳолиси касалланган. Қанчалик ғамгин бўлмасин, икки оёқлаб юришимизнинг ўзи геморрой келиб чиқиши хавфини оширади. Тўрт оёқлаб юрувчи ҳайвонларда бу касалликка мойиллик йўқ. Тортишиш кучи тўрт оёқли ҳайвонлар танасига бир хил таъсир кўрсатади. Одамда эса икки оёқлаб юриш сабабли қон кичик чаноқ бўшлиғи ва оёқларда туриб қолади. Бундан ташқари, ҳомиладорлик, кам миқдорда клечатка сақловчи парҳез, кучаниш, сурункали қабзият ва диарея, ҳожатхонада узоқ ўтириш, оғир юк кўтариш, узоқ вақт бир жойда ўтириб ишлаш (ҳайдовчилар, офис ишчилари) ва бошқа касалликлар, жигар сиррози, портал гипертензиянинг асорати сифатида ҳам юзага келади.
Касаллик симптомлари сифатида дефекация пайтида оғриқсиз қон кетиши (ёрқин қизил рангда оз миқдорда), анал соҳада қичишиш, оғриқ ва дискомфорт, анус атрофи шишини айтиб ўтиш мумкин.
Геморрой қуйидаги турларга бўлинади:
— жойлашган ўрнига кўра: ички ва ташқи геморрой;
— клиник формаларига кўра: ўткир ва сурункали геморрой.
Ички геморрой тўғри ичак бўшлиғида жойлашади ва ҳеч қандай белги бермайди. Кучаниш вақтида тўғри ичак билан пастга тушади ва оғриқ чақиради. Ташқи геморрой ташқи чиқарув тешиги атрофи териси остида жойлашади. Ташқи таъсир туфайли қичиши ёки қонаши мумкин.
Асоратлари:
- Анемия;
- Тромбланган геморрой — бунда геморрой тугунчасида қон тўпланиб тромб ҳосил қилади. У эса ўз навбатида кучли оғриқ, яллиғланишни келтириб чиқаради.
Геморройнинг давоси икки хил: консерватив ва хирургик. Консерватив даводан мақсад маҳаллий қон айланишини яхшилаш, яллиғланиш жараёнларини бартараф қилиш ва оғриқни қолдириш. Дори препаратлари билан геморройни бутунлай тузатиб бўлмайди. Препаратлар ёрдамида фақатгина ўткир ва сурункали геморрой симптомлари енгиллаштириш, касаллик асоратларини профилактика қилиш, операцияга тайёрлаш ва реабилитацияда фойдаланиш мумкин. Асосий даво усули фақат ва фақат жарроҳлик амалиёти ҳисобланади.
Мана бунақа рекламаларга ишониб, пулингизни ва вақтингизни сарфламанг.
Фото: «Дарё»
Бавосилда қўлланиладиган асосий гуруҳ препаратлари:
- йўғон ичак функциясини нормаллаштирувчи дори воситалари;
- флеботроп препаратлар (вена қон томирлари тонусини оширади);
- яллиғланишга қарши маҳаллий дори препаратлари (мазлар ва «свечалар»).
Бавосилнинг хирургик давоси
Геморройнинг ривожланиш босқичларига қараб жарроҳлик усули танланади. Унинг босқичлари:
I — стул вақтида геморроидал тугунларнинг тушишисиз қон кетади;
II — геморроидал тугунлар тушиши, лекин улар мустақил тўғри ичакдаги ўрнига қайтади, қон кетиши ёки усиз;
III — даврий равишда тугунлар тушади, аммо уларни қўл ёрдамида тўғрилаш зарурияти туғилади, мустақил ўрнига қайтмайди, қонаши ёки қонамаслиги ҳам мумкин;
IV — геморроидал тугунларнинг тўғри ичак шиллиқ қавати билан бирга доимий тушиши, умуман тўғрилашнинг иложи йўқ, қонаши ёки қонамаслиги ҳам мумкин.
Геморройнинг I–III босқичларида консерватив даво фойда бермаса, кам инвазив жарроҳлик методлари қўлланилади. Кам инвазив жарроҳлик усулларининг асосида кичик тешик ёки табиий тешиклар орқали жарроҳлик операцияларини ўтказиш ётади. Бунинг афзаллик тарафи шундаки, бемор организми минимал даражада травма олади ва операция турига қараб одатий ҳаёт тарзига 1–5 кун ичида қайтиб, ўз иш фаолиятини давом эттириши мумкин. Бу жуда ҳам қулай. Шу ўринда айтиб ўтишим керакки авваллари жарроҳ қанчалик катта кесма билан операция қилса шунчалик маҳоратли деб эътироф этилган бўлса, ҳозирги кунда аксинча кесма қанчалик кичкиналиги ёки унинг умуман йўқли хирургнинг маҳоратини белгилаб бермоқда.
Энди I–III босқичларида қўлланиладиган жарроҳлик усулларига қайтсак. Геморройни даволашда қўлланиладиган кам инвазив жарроҳлик усулларига склеротерапия, инфрақизил нурлар билан коагуляция, геморроидал тугунларни латексли ҳалқалар ёрдамида боғлаш, ультратовуш допплерометрия остида геморроидал тугунларнинг дезартеризацияси ва янги замонавий усул лазер геморроидопластика киради. Ҳар бирига алоҳида тўхталиб ўтамиз.
Склеротерапия
Бунда 45 даражага букилган игна орқали геморроидал тугун ичига склерозлантирувчи модда юборилади. Бу усул қўпол қилиб айтадиган бўлсам ички геморроидал тугунларни «қуритиб» беради. Беморда катта операцияларга қарши кўрсатма бўлса ёки уни кўтара олмаса қонни тўхтатиш учун фойдаланилади. Инфрақизил нурлар билан коагуляция ҳам асосан қонни тўхтатишда фойдаланилади. Усулнинг афзалликлари:
- осонлиги;
- хавфсизлиги;
- хирургик муолажадан кейинги оғриқнинг деярли йўқлиги;
- қон-томирлар мўртлашган ва бошқа методлар учун қарши кўрсатмаси бўлган ёши катта беморлар мос келади;
- битта сеанс давомида бир нечта тугунларни «қуритиш» мумкин;
Камчиликлари:
- ташқи геморройда қўллаб бўлмайди;
- ўлчамлари катта бўлган тугунларда эффектнинг йўқлиги;
- касалликнинг сабабларини эмас унинг оқибатларини йўқотади;
Геморроидал тугунларни латексли ҳалқалар ёрдамида боғлаш
Метод II–III босқич геморройда қўлланилади. Бунда геморроидал тугун оёқчаси резина ҳалқа ёрдамида боғланади. Шундан сўнг тугунда қон айланиши бузилади ва 11–14 кундан сўнг тугун латексли ҳалқа билан бирга кўчиб тушади.
Усулнинг афзаллиги:
- касалликнинг қайталаниш фоизи жуда кам;
- скалпелдан қўрқадиган беморларни кўнглини хотиржам қилиб даволаш мумкин;
- қисқа муддат ичида бажарилади;
Камчилиги:
- операциядан кейинги оғриқ синдроми яққолроқ намоён бўлади;
- бир вақтнинг ўзида иккитадан ортиқ тугун боғланса, адашган нерв симптомлари (юрак қисқаришлари сонининг камайиши, қон босими пасайиши, коллапс) пайдо бўлиши мумкин, шунинг учун ушбу метод босқичма-босқич даволашни талаб қилади, натижада амбулатор даво узоққа чўзилиши мумкин.
Ультратовуш допплерометрия остида геморроидал тугунларнинг дезартеризацияси
Бу усулнинг асосида ультратовуш ёрдамида тугунга келадиган артерияни топиб боғлаш ётади. Керакли артерия боғлангандан сўнг тугун 6–8 ҳафтадан кейин сўрилиб кетади.
Усулнинг афзалликлари:
- касалликнинг сабаби бартараф қилинади;
- II–III босқичдаги геморройда самарадорлиги жуда юқори;
- веноз қон оқими яхшиланади;
- амбулатор шароитда ўтказиш мумкин;
- операциядан сўнг наркотик аналгетикларга зарурият йўқ;
- амалиётдан сўнг бемор врач кўрсатмаларига амал қилган ҳолда 1–2 кундан сўнг меҳнат фаолиятига қайтиши мумкин;
- бошқа тўғри ичак патологиялари бўлган тақдирда ҳам амалиётни бажариш мумкин.
Камчилиги:
- ташқи геморройда қўллаб бўлмайди.
III–IV босқичдаги бавосилни даволашда геммороидектомия ёки геморроидал тугунни кесиб олиб ташлаш операциялари қўлланилади. Улардан Миллиган-Морган, Лонго, Уайтхед операциялари ҳозирги кунда кенг қўлланилади.
Уларнинг афзалликлари сифатида тўғри ичакдаги анал ёриқлари, оқмалар ва тўғри ичак тушишларида ўтказишга кўрсатмалар борлигини келтириш мумкин. Лекин бир қанча камчиликлари ҳам бор:
- операциядан кейинги даврда қон кетиши;
- амалиётдан кейинги даврда оғриқ синдроми кучли намоён бўлиши наркотик аналгетикларга зарурият туғдиради;
- тўғри ичак каналининг торайиши;
- ректовагинал, ректал оқмаларнинг пайдо бўлиши, тўғри ичак тешилиши;
- узоқ муддатли реабилитация.
Айнан шу камчиликлар туфайли беморлар операциядан қўрқади. Лекин тиббиёт бир жойда қотиб қолгани йўқ. Геморройни даволашнинг энг охирги замонавий усулларидан бири — лазер геморроидопластика. Бунда бир нуқтадан кириб, лазер энергияси тугун ичидаги тўқималарни куйдирилиб, деструксия чақирилади, қон томирларини куйдириб, геморроидал тўқимада чандиқ ҳосил қилинади.
2014 йилдаги текширувда лазер геморроидопластика амалиётини очиқ геммороидектомия усули билан солиштирилган. Олинган натижаларга кўра янги усул классик методдан амалиётдан кейинги оғриқнинг даражаси ва операция давомийлиги, ундан кейинги реабилитацион даврининг қисқалиги билан яққол устунликка эга бўлган. Кам инвазив методлардан тугунни резина ҳалқа билан боғлаш амалиёти билан солиштирилганда лазер геморроидопластиканинг самарадорлиги юқорилиги аниқланган.
Усулнинг афзалликлари:
- кам травмалилик;
- ҳам ички ҳам ташқи геморройда қўллаш мумкин;
- операция шиллиқ ости қаватида бажарилгани учун чоклар қўйилмайди бу эса амалиётдан кейинги оғриқ синдроми пайдо бўлиши хавфини кескин камайтиради;
- жарроҳлик амалиёти вақтида ва ундан кейин қон кетмаслиги;
- лазер таъсир кўрсатган соханинг яллиғланишларсиз битиши;
- операция вақтининг қисқалиги;
- жарроҳликдан сўнг чандиқнинг йўқлиги, анал скфинтер шикастланмаслиги;
- касаллик қайталанишининг минимал фоизи;
- лазер ёрдамида бир вақтнинг ўзида анал ёриқлари, оқмалари, кондиломалга ҳам ишлов бериш имконияти мавжуд;
- соғайиш даврининг жуда қисқалиги.
Камчиликлари:
- ушбу операцияни ўтказадиган мутахасислар ва клиникаларнинг Ўзбекистонда камлиги;
- ҳар бир бемор учун алоҳида инструментлар тўплами сотиб олиниши керак, умуман олганда буни камчилик деб ҳам бўлмайди, чунки ҳар бир бемор учун алоҳида инструментлар ишлатилиши қон орқали юқадиган касалликларнинг профилактикаси учун мақсадга мувофиқ.
Шу ўринда одамлар орасида тарқалган «лазер билан даволаш ракка сабаб бўлади», деган мифнинг ёлғонлигини, унинг клиник рандом текширувларда исботланмаганини айтиб ўтмасам бўлмайди. Хотиринггиз жам бўлсин, лазер нурлари ўсма касалликларини келтириб чиқармайди.
Ўзингизни қийнаб, операциягача, умуман айтганда геморрой билан касалланмаслик ҳам мумкин. Касаллик профилактикаси жуда оддий:
- тўғри овқатланишга эътибор қаратинг: ҳар куни 1,5–2 литр суюқлик ичинг, клечаткага бой бўлган сабзавот ва мевалар ҳар кунлик овқат рационингиздан жой олсин, спиртли ичимликларни ва аччиқ қовурилган овқатлардан тийилинг;
- дефекация гигиенасига риоя қилинг: кучанишлардан қочинг. Бунинг йўли осон — организмни куннинг маълум вақтига ўргатинг, шунда ҳеч қаерга шошилмайсиз. Яна бир гап, ҳожатхонада ўқиш, телефоннни титкилаш у ерда узоқ муддат қолиб кетишга сабаб бўлади, у ерда узоқ ўтириш эса геморройни келтириб чиқарувчи асосий омиллардан бири эканлигини унутманг. Ҳожатдан кейин таҳорат олиш ҳам яхши амал;
- Ҳаракат фаоллигингизни нормаллаштиринг: ўтириб ишлайдиган касб эгаси бўлсангиз, ҳар соатдан кейин 5–10 дақиқа жисмоний фаоллик учун танаффус қилинг, бу вақтни ичида ўтириб туриш ёки қорин пресси ва оралиқ мускулларини чиниқтирувчи машларга сарфланг, ҳеч бўлмаганда пиёда юринг;
- Соғлиғингизга эътиборли бўлинг, қалқонсимон без касалликларида ичаклар фаолияти сусаяди, бунинг натижасида ич қотади, ич қотиши ҳам бавосилнинг асосий факторларидан бири. Семиришдан сақланинг.
Источник
Қадимги Миср ва Вавилонда геморройни жарроҳлик йўли билан даволашган. Бу хасталик ҳақида Гиппократ, Гален, Ибн Сино асарларида ҳам етарлича тўхталинган.
Маълумки, Наполеон Бонапарт ҳам шу хасталикдан азият чеккан.
Ҳозирги кунда геморройга аҳолининг 10% чалинган бўлиб уларнинг аксарияти 30-50 ёшдаги эркаклардир. Бу касалликка аёллар айниқса ҳомиладорлик даврида чалинадилар.
Кўпчилик беморларга анъанавий тиббиёт жарроҳлик операцияларни тавсия этса-да, бунга фақат 20 % эҳтиёж сезади.
Инсоннинг орқа тешиги мушак ва бирлаштирувчи тўқималардан ташкил топган. Ичидан шиллиқ қаватли бўғимчалар – яъни геморроидал тугунлар билан қопланган. Геморроидал тугунлар инсон қаттиқ кучанганида шиллиқ қават билан бирга пастга сурилиши мумкин. Бунинг натижасида қон айланиш бузилиб геморроидал тугунлар ўлчови кенгаяди ва ташқарига чиқиб қолади. Касалликнинг бир неча босқичлари мавжуд:
1. геморроидал тугунлар кенгайиб қонайди;
2. нажас чиқаётган пайтда тугунлар ташқарига чиқиб кетса-да, яна жойига қайтади;
3. тугунлар чиқиб кетиб, жойига қайтариш учун қўллардан фойдаланилади;
4. тугунлар чиқиб кетиб жойлаштириб бўлмайди;
5. тугунларнинг чиқиб кетиши кескин оғриқ билан бирга кузатилади.
Қон оқиши ҳар қандай босқичда ҳам юзага келиши мумкин.
Касалликнинг белгилари
Агар ҳожатга кирганда (бўшаниш пайтида) ички кийим, туалет қоғоз ёки унитазда қон кўрсангиз, орқа тешик қисмида қичиш, геморроидал тугунларнинг ташқарига чиқишини кузатсангиз дарҳол шифокор-проктологга мурожат қилинг. Геморрой белгиларининг остида жиддий ичак касалликлари ҳам яшириниши мумкин.
Касалликни келтириб чиқарувчи омилларга:
-тез-тез содир бўладиган қабзият ва ич кетиш;
— ич қотиши;
-гемороидал веналарнинг яллиғланиши ва инфекцияси;
-ичакларнинг яллиғланиши;
— кам ҳаракатлик;
-ҳомиладорлик сабаб бўлади.
Офисда, компютер олдида, кутубхонада қизиқарли китоб билан тикув машинаси олдида соатлаб ўтириш зарарлидир. Бундай пайтда соатига бир маҳал ҳар қандай зарур ишларни қўйиб 5-10 дақиқали танаффус қилиш керак. Юмшоқ курси ўрнига қаттиқ ўриндиқдан фойдаланинг (бу бел ва умуртқа учун ҳам фойдали). Ўриндиққа махсус ёғоч тахтачани (бу маслаҳат ҳайдовчиларга ҳамтегишли) қўйиб ўтиринг. Бошланаётган гемороойда оғир жисмоний ишлар бажариш мумкин эмас. Ҳайдовчилар эса рул олдида 3 соатдан кўп вақт ўтказишлари зарарлидир. Йўлда танаффус қилиб, фаоллик билан ҳаракатланиш керак.
Геморройга ҳомиладор аёллар кўп чалинадилар. Ҳисоботларга кўра геморройга 41-42% ҳомиладор ва туққан аёллар чалинса, бошқа ёшдаги аёллар ичида бу кўрсаткич атиги 8% ни ташкил этади. Кўпинча геморрой биринчи ва иккинчи ҳомиладорлик даврида пайдо бўлади.
Геморройни олдини олиш учун кичик тосдаги қон айланишни яхшилаш мақсадида мунтазам равишда қорин мушакларини кучайтириш зарур. Мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган баъзи машқлар бу нохуш хасталикдан халос бўлишга ёрдам беради:
1. Тик туриб оёқларни жуфтлаштирилади, думба ва орқа тешик мушакларини таранглаштирилади.
2. қаттиқ ўриндиққа ўтириб белни тик тутилади, бир оз олдинга бурилиб орқа тешик мушакларини мунтазам таранглаштирилади.
3. чалқанча ётиб елка кенглигида оёқларни букиб товонларни полга тираб турилади. Бел ва товонларга таяниб тос полдан кўтарилади.
4. Чалқанча ётиб оёқларни навбатма-навбат кўтарилади.
5. Чалқанча ётиб оёқларни икки тарафга ёйилади ва қайчи шаклида бирлаштирилади.
6. Чалқанча ётиб тиззаларда букилган оёқлар кўтарилади ва худди велосипедда кетаётгандек ҳаракатларни бажарилади.
7. Чалқанча ётиб тиззалар букилади ва қаттиқ ҳолда қоринга бирлаштирилади.
Машқларни кунига 2-3 марта бажариш керак.
Геморрой касаллигида бир вақтда овқатланиш керак. Овқатланиш тартиби организмни ич кетиши ва қабзиятдан муҳофаза қилиш зарур. Бунинг учун хамирли ва ўта ёғли овқатлар кескин камайтирилади. Таомномангизда мунтазам равишда қатиқ, кепак маҳсулотлари, сабзавотлар, таркибида магний ва сулфатлар бўлган минерал сувлар бўлиши шарт. Хона ҳароратидаги илиқ минерал сувни кунига уч маҳал бир пиёладан ичишни ўзингизга одат қилиб олинг. Аччиқ, тузланган таомлар, ичимликлар қатъий мумкин эмас.
Агар геморройга қабзият сабаб бўлган бўлса, таомномангизни озуқа клетчаткаси билан бойитинг. У озуқа кепаги, карам, ловия, лавлаги, ошқовоқ, сабзи, тарвуз, қовун, қора ундан тайёрланган, жавдари нонда кўпдир. Оҳирги пайтларда баргизуб уруғи асосида тайёрланган (мукофалк) ва целлюлозадан тайёрланган (МКЦ-28) дори воситалари кенг тарқалди. Шу билан бир қаторда кўп миқдорда суюқлик ичиш (суткасига 2-3 литргача) зарур. Акс ҳолда бундай парҳез организмнинг сувсизланишига олиб келади. Оғриқни қолдириш ва касалликнинг зўрайишини олдини олиш мақсадида мунтазам равишда мустаҳаб қилинади. Шарқ мамлакатларида геморройга чалиниш хавфи ҳалқнинг кичиклигидан мустаҳаб қилишга ўрганганлиги сабабли камдир. Зўрайишлар пайтида оч-пушти рангли марганцовка эритмасида мустаҳаб қилиш ёки ҳожатдан чиқкандан кейин 1,5-2 дақиқа марганцовкали ванналар қабул қилинади.
Агар касаллик зўрайиб даволаш муолажалари яхши ёрдам бермаса, ҳар ҳожатга кирганда тугунлар ташқарига чиқса, операция (геморроэдиктомия) тавсия этилади. Ўрта ёшгача бўлган инсонлар кексаларга қараганда операцияни осон кечириб яхши натижаларга эришадилар. Аммо кекса ёшдаги кишиларда яралар битиш қийин бўлиб, йиринглаши ҳам мумкин.
Геморройда душ қабул қилиш яхши натижа беради. Бунинг учун хона ҳароратидаги илиқ сувда орқа тешикни пастдан тепага қараб ювилади. Душни мунтазам равишда қабул қилиш оғриқларни камайтириб ўз самарасини беради.
Касаллик зўрайганда янги сабзининг баргидан чой дамлаб ичинг ёки Гиппократ тавсиясига кўра орқа тешикка бодринг бўлагини қўйинг.
Агар орқа тешик қичишса ёки ундан суюқлик ажралса махсус чой ичинг:
1 ош қошиқдан бўймодарон, сано, франгула пўсти, қизилмия илдизи, кашнич ўтларини аралаштириб, 1 ош қошиғига бир пиёла қайноқ сув қуйилади ва буғда 10 дақиқа қайнатилади. Совутиб докадан ўтказилади. Бир пиёладан кечасига ичилади.
1 чой қошиқ лимонўтга бир пиёла қайноқ сув қуйиб ванна ёки ҳуқна қилинади. Касаллик зўрайганда яллиғланган жойларни майда туйилган ўрик магизи ва сариёғ билан 1:5 миқдорда аралаштирилган суртмада сурилади.
Халқ табобати усулларидан қуйидагилар тавсия қилинади: 1.Ўртача темир бидонга қаттиқ қиздирилган ғиштни солиб майда тўғралган саримсоқ пиёзни сепилади. Ғишт туташни бошлаганда бидон устига ўтирилади.
2. Қалин сопол идишга 2 литр сут қуйиб ичига 4 дона катта пиёз ташланади бир соатга буғхонада, паст оловда пиширилади. Тайёр бўлгандан кейин усти тешик ёғоч қопқоқ билан ёпиб ўтирилади. Муолажани ҳар уч кунда қайтарилади. 3-4 муолажа етарли бўлади. Муолажадан олдин ич сурувчи дори қабул қилиш, орқа тешикка вазелин суркаш керак.
3. Тоғорага совуқ сув қуйиб 5-7 дақиқага ўтирилади. Муолажа ҳар куни уйқудан олдин 3 ҳафта мобайнида ўтказилади.
Источник
Gemorroy (bavosil) — anal teshigi venalari kasalligi bo’lib, gemorroidal tugunlar kattalashishi, pastga siljishi yoki tashqariga chiqib qolishi bilan kechadi, shuningdek, tromboz hosil bo’lib, qon ketishi kuzatiladi. Gemorroy davosi mavjud kasallikdir, shuning uchun havotirga hojat yo’q.
Gemorroy kelib chiqishi sabablari
Kasallikka moyillik nasldan-naslga o’tishi mumkin, lekin bunday holatda ham keltirib chiqaruvchi omillar ta’sirisiz kasallik o’zini namoyon qilmaydi. Bavosilni keltirib chiqaruvchi va uning rivojlanishiga turtki bo’luvchi omillarga quyidagilar kiradi:
- O’troq kasb turi;
- Semizlik;
- Irsiy moyillik;
- Kamharakat turmush tarzi (gipodinamiya) yoki kamharakatlik bilan bog’liq ish;
- Mushaklarning haddan ortiq kuchanishi bilan bog’liq faoliyat (katta jismoniy zo’riqishlar);
- Stress;
- Tez-tez ichak faoliyatining buzilishi (qabziyat);
- Infektisya tushishi;
- Ichak va jigarda yallig’lanish va onkologik jarayonlar;
- Noto’g’ri ovqatlanish;
- Chekish.
Gemorroy alomatlari va belgilari
Aksariyat hollarda mazkur kasallik bosqichma-bosqich rivojlanadi. Dastlab bemorda orqa chiqarish teshigi atrofida biroz noqulaylik, og’irlik va qichishish hissi seziladi, ba’zan og’riq va qabziyat qayd etilishi mumkin. Bu hissiyotlar achchiq taomlar, alkogolli ichimliklar iste’moli, ba’zan jismoniy zo’riqishdan keyin kuchayadi.
Kasallikka og’riq sindromi, gemorroidal qon ketish, gemorroidal tugunlarning chiqib qolishi hamrohlik qiladi. Odatiy hollarda qon ketish defakatsiya jarayoni vaqtida yoki undan keyin yuzaga keladi. Qonning rangi qizg’ish bo’ladi, biroq, ba’zi hollarda to’q rangli va quyqalar bilan bo’lishi ham mumkin. Tez-tez qon ketishlar natijasida kamqonlik rivojlanadi.
Gemorroyda tugunlar orqa chiqarish teshigi ichida (ichki — bemorga ko’rinmaydi) va tashqi bo’ladi. Ba’zi hollarda bemorda bir vaqtning o’zida ham tashqi, ham ichki gemorroy kuzatilishi mumkin.
Gemorroidal tugunlarning anal teshigidan chiqib qolishi ko’pincha bosqichma-bosqich rivojlanadi. Dastlab faqat defakatsiya vaqtida chiqsa, keyinchalik kuchanish, og’irliklar ko’tarish, yo’tal, aksa urish vaqtida ham bu hol kuzatila boshlaydi. Dastlabki bosqichlarda tugunlar osonlikcha joyiga qaytariladi, keyinchalik esa doimiy ravishda anal kanali tashqarisida joylashadi.
Gemorroyning har qanday bosqichida tugunlarning nekrozi va trombozi rivojlanishi mumkin, bu klinik tasvirning og’irlashishiga sabab bo’ladi.
Rivojlanish bosqichlari
- 1-bosqichda orqa chiqarish teshigida gemorroy tugunlarini sezish mumkin, ular qonashi mumkin, ko’p hollarda og’rimaydi.
- 2-bosqichda tugunlar hojat chiqarish vaqtida tashqariga chiqishi kuzatiladi, lekin biroz vaqtdan keyin o’z joyiga qaytadi.
- 3-bosqichda bavosil tugunlari har qanday zo’riqishli jismoniy harakat vaqtida tushadi va tugunlar endi o’zi joyiga qaytmaydi, qo’llar yordamida joyiga tushiriladi.
- 4-bosqichda bavosil tugunlari doimo orqa chiqarish teshigidan chiqib turadi va joyiga qaytmaydi, ko’pincha qon ketishi mumkin, tromboz rivojlanadi. Tugunlar shikastlanishi, og’riq, orqa chiqarish teshigida shish chaqirishi mumkin, bunday hollarda zudlik bilan shifokorga murojaat qilish kerak.
Tashxislash
Tashxis qo’yish uchun malakali shifokorga palpatsiya (qo’l yordamida tekshirish) qilish yetarli, lekin ba’zi hollarda UT tekshiruv, anaskopiya yoki rektoskopiya buyurilishi mumkin.
Gemorroyni boshqa xavfli kasalliklar bilan adashtirmaslik kerak. Axlatda qon uchrashi masalan, nafaqat gemorroy alomati, balki ichak o’smalari (saraton), anal teshigi yorig’i, kolit, poliplar, kandilomalar alomati bo’lishi mumkin. Gemorroy kasalligi haqida tashxisni faqat shifokor qo’yishi mumkin.
Gemorroyni davolash
Gemorroyni dastlabki bosqichlarida (birinchi va ikkinchi) konservativ davolashadi: defakatsiya (hojat chiqarish) tartibga solinadi, najasning zichlik darajasi normal bo’lishi ta’minlanadi, parhezga amal qilinadi, ko’proq lavlagi, sabzi, anjir, o’rik, o’tlar, zig’ir, bug’doy kepagi, agiolaks, fayberlaks kabilar buyuriladi. Bemorlar ko’proq meva va sabzavot sharbatlari, shu jumladan, suyuqliklar ichishi kerak.
Gemorroyni erta bosqichlarida gimnastika mashqlari, hammomlar, og’riq qoldiruvchi shamlar yordam beradi.
Kasallikni davolash asosini flebotrop preparatlar tashkil qiladi. Ular mahalliy venalarni tonusini oshirish va kavernoz organlarda qon oqimi va aylanishini normallashtirishga yordam beradi. Bemorga malhamlar, shamchalar shaklidagi preparatlar buyuriladi.
Keyingi bosqichlarida jarrohlik aralashuvi amalga oshiriladi. Bu bosqichlarda gemorroydan faqat jarrohlikdan keyingina to’liq qutulish imkoni bo’ladi. Jarrohlik aralashuvi kishi yuragiga vahima solsa ham, bu samarali usul hisoblanadi va kasallikning qaytalanish ehtimoli minimal bo’ladi.
Gemorroyni xalq tabobati yoramida davolash
Kasallikni bunday yo’l bilan davolashni yordamchi usul sifatida qo’llasa bo’ladi, lekin ular asosiy davolash o’rnini bosa olmaydi. Xalq tabobati vositalari bavosil belgilarini yengillashtirishi mumkin, lekin kasallikning sababi yo’qotilmaydi va ular tarkibidagi faol moddalar farmakologik preparatlarga qaraganda ancha kam bo’ladi.
Bunday vositalar juda erta bosqichlarida foyda berishi mumkin, lekin biroz vaqt o’tgach, kasallik yana qaytalanishi ehtimoli yuqori bo’ladi.
Gemorroyni uy sharoitida davolash uchun xalq tabobati
Dastavval bemor gemorroy borligiga ishonch hosil qilishi kerak. Shuning uchun birinchi navbatda proktologga murojaat qilishi talab etiladi.
Shamlar:
- Og’riq va yallig’lanishda xom kartoshkadan qilingan sham yordam beradi. Shamni o’tkir burchaklarsiz holda, barmoq hajmida qilish kerak. Lozim bo’lsa kungaboqar yog’i bilan yog’lanishi mumkin. Sham bilan kun davomida yurish mumkin, harakatga halaqit bermaydi va defakatsiya vaqtida o’zi chiqib ketadi. Bu avj olgan kasallik belgilarini susaytirishda yordam beradi, lekin jarayon 10 kun davomida amalga oshirilishi lozim. Zarur bo’lsa, 1-2 oydan keyin davolashni takrorlang.
- Muzdan shamlar ham gemorroyni alomatlarini oldini olishda yordam beradi. Tibbiy qo’lqopining barmoq qismiga suv to’ldiring va muzlatgichga qo’ying, so’ng shamdan erib ketguniga qadar foydalaning. Ikki oydan keyin og’riq va qonash bezovta qilishi to’xtatiladi.
Gemorroyga qarshi uy sharoitida malham tayyorlash
Og’riq qoldiruvchi malham:
- Xom lavlagi yoki sabzi qirg’ichdan o’tkaziladi;
- Chetan mevasi ezilib qo’shiladi;
- 4 qism sariyog ‘yoki vazelin bilan aralashtiriladi;
- Doka yordamida kerakli joyga qo’yiladi.
Yallig’lanishga qarshi malham:
- 1 qism asal mumiga 4 qism kungaboqar yog’i va biroz ezilgan piyoz qo’shiladi;
- Tashqi qo’llanilish uchun foydalaniladi.
Klizma tayyorlash
- 4 osh qoshiq shuvoq o’simligini 1 litr suvda 6-7 daqiqa davomida qaynatiladi. Keyin 5-6 soat tindirishga qo’yilib, har kech shu yordamida lavlagi sharbati bilan galma-gal klizma qilinadi. Bu klizma shishni oldini olishda yaxshi samara beradi.
- Xom kartoshka maydalab 1 osh qoshiq sharbati va 50 ml suvni aralashtirib ignasiz shprits yordamida klizma qilinadi. Klizma og’riq qoldiruvchi sifatida va yallig’lanishga qarshi samarali hisoblanadi.
Qabul qilish uchun vositalar
- Har kuni 0,5 stakan hom karoshka sharbatini iste’mol qilish.
- 4:2 nisbatda sabzi va ismaloq sharbatlari aralashmasi ovqatdan oldin 2-3 osh qoshiqdan ichish.
- Qovun sharbati ham ich qotishga qarshi yaxshi samara beradi.
- Xalq tabobati qon ketishini oldini olish uchun tuzlangan karamni me’yorida qabul qilishni tavsiya etadi.
Dunyo xalqlari tabobati
- Sibir tabiblari har qanday gemorroyni zuluklar yordamida davolashgan. Zuluk qonga to’ygach o’zi tushib ketadi, gemorroy esa qurib yo’qoladi. Shifokor bilan maslahatlashgan holda qo’llash tavsiya etiladi.
- Rus tabiblari piyoz po’stlogidan gemorroyga qarshi foydalanishgan. Tog’oraga piyoz po’stlog’i solinib ustidan qaynoq suv solinadi, biroz sovigach, bavosil vanna qilinadi va toki suv sovigancha o’tiriladi.
Gemorroyni uy sharoitida davolash→
Yodda tuting! Tashxisni va davolash kursini proktolog shifokor buyurishi kerak, noto’g’ri tutilgan ish vaziyatni yomonlashtirishi mumkin.
Kasallikni oldini olish
Gemorroning rivojlanishi yoki xuruj olishini oldini olish osonroq. Buning uchun axlat yumshoq bo’lishi, bemorni qabziyat qiynamasligi kerak, shu sababli:
- Ko’proq kletchatkaga boy mahsulotlar — meva, sabzavot va donli bo’tqalar iste’mol qilish;
- Ko’proq suyuqlik iste’mol qilish;
- Defakatsiya jarayonida haddan ortiq kuchanmaslik;
- O’z vaqtida hojatxonaga borish;
- Yengil jismoniy mashqlar bajarish;
- Uzoq muddat harakatsizlikdan saqlanish kerak.
Источник